Xurshid
Davron 1952 yilning 20 yanvarida Samarqand shahri yaqinidagi Chordara
qishlog'ida tavallud topgan. Toshkеnt universitetining jurnalistika
fakultetini tugatgan (1969). Uzoq yillar nashriyot sohasida, Ma'naviyat
va ma'rifat markazida faoliyat yuritgan. 1996 yildan O'zbеkiston Milliy
teleradiokompaniyasida ishlab kelmoqda.
Dastlabki shе'rlar
to'plami - 'Qadrdon quyosh' (1979), 'Shahardagi olma daraxti' (1979).
Keyinchalik 'Tungi bog'lar' (1981), 'Uchib boraman qushlar bilan'
(1983), 'To'marisning ko'zlari' (1984), 'Bolalikning ovozi' (1986),
'Qaqnus' (1987) va 'Bahordan bir kun oldin' (1997) kabi she'riy
to'plamlari nashr etilgan.
Xurshid Davron 90-yillarda shе'riyatdan ko'ra nasriy janrlarda samarali
ijod qildi. U o'tmishda yashagan unutilmas tarixiy siymolar hayoti va
faoliyati bilan qiziqib, ular haqidagi mo'tabar qo'lyozma manbalar
bilan tanishdi. Bu qiziqish natijasida 'Bibixonim qissasi yoki
tugamagan doston' (1990), 'Samarqand xayoli' (1989), 'Sohibqiron
nabirasi' (1995), 'Shahidlar shohi yoki Shayx Kubro tushlari' (1998)
kabi tarixiy-ma'rifiy qissa va 'Alg'ul' (1995), 'Sog'inch' (1996)
pyesalarini yaratdi. Xurshid Davron bu asarlari bilan 90-yillarda
O'zbеkistonda tarixiy o'tmishga bo'lgan munosabatning yana ham qizg'in
tus olishiga munosib hissa qo'shdi.
Adib ayni paytda Samarqandda bo'lib o'tgan Amir Tеmurning 660,
Ulug'bеkning 600 yilligiga, Parijda YUNESKO qarorgohida, 'Odеon'
tеatrida namoyish etilgan Buxoro va Xivaning 2500 yilligiga bag'ishlab
o'tkazilgan tеatrlashtirilgan tomoshalar va 21 qismli 'Tеmurnoma', 2
qismli 'Buxoroyi Sharif' videofilmlari ssеnariylari muallifi.
Sharq va G'arb shoirlarining asarlaridan iborat 'Qirq bir oshiq
daftari' (1989) va yapon shoirlarining shе'rlaridan tarkib topgan
'Dеngiz yaproqlari' (1988) to'plamlarini o'zbеk tiliga tarjima qilgan.
Ўзбек адабиётида Тоҳир Малик ўзининг "Фалак”, "Сомон йўли элчилари”,
"Тириклик суви”, "Захарли ғубор” ("Васваса” номи билан қайта ишланган),
"Чорраҳада қолган одамлар” ("Девона” номи билан қайта ишланган) ва
бошқа фантастик, "Чархпалак”, "Қалдирғоч” ("Савоҳил” номи билан қайта
ишланган), "Бир кўча, бир кеча”, "Сўнгги ўқ”, "Шайтанат”, "Ов”,
"Мурдалар гапирмайдилар”, "Иблис девори”, "Меҳмон туйғулар”,
"Жиноятнинг узун йўли”, "Одамийлик мулки” сингари детектив ва маърифий
асарлари билан танилган ва китобхонларнинг севимли адибига айланган
ижодкордир. Тоҳир Малик 1946 йилнинг 27 декабр куни Тошкентда зиёли
оиласида дунёга келди. Барча тенгдошлари сингари у ҳам урушдан кейинги
турмуш қийинчиликларини бошидан кечирди. Оиладаги беш фарзанднинг
кенжаси бўлган Тоҳир матабга бормай турибоқ, дарс тайёрлаб ўтирган
акалари ва опалари ёнида саводини чиқарди. Укасининг китобга бўлган
ихлосини сезган акаси унга ҳозирга қадар эъзозлаб сақлаётгани - "Мард йигит” эртаклар тўпламини совға қилди.
Таниқли ўзбек адиби ва таржимони Мирзакалон Исмоилий Тоҳир Маликнинг
тоғаси бўлиб, уни 1949 йилда "халқ душмани” деган туҳмат билан қамоққа
олишади. "Кечаси уйғониб кетиб қарасам, аям раҳматли қора чироқ нурида
дўппи тикиб ўтирибдилар. Қўллари ишда-ю, кўзларида ёш. "Нега
йиғлаяпсиз?” деб сўрадим. Жавоб бермадилар. Сабабини орадан йиллар ўтиб
билдим. Тоғамнинг "халқ душмани” эмаслиги маълум бўлиб, "оқланиб”
чиққанларида иккинчи синфда ўқирдим. Дастлабки машқларим ўшанда
бошланган. Аммо ёзганларимни талабчан тоғамга кўрсатишга чўчир эдим”, -
деб эслайди адиб.
Дастлабки ҳикояси 1960 йилда "Гулхан” журналида чоп этилади. 1963 йилда
Тоҳир Малик Тошкент Давлат универитетининг кечки журналистика бўлимига
ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай
бошлайди. У ижодга доир машқларни давом эттирар экан, устоз-тоғанинг
икки ўгити – "Ўзинг яхши билмаган нарсани ёзма”, "Бошқалар юрган йўлдан юрма, ўз йўлингни топ”га
ҳамиша амал қилди. Болаларга атаб ёзилган ҳикоялари билан бадиий
адабиёт сирларини ўрганган Тоҳир Малик кейинчалик ўзбек адабиётида кам
эътибор берилган фантастика жанрига қўл урди ва бир қатор асарлари
билан китобхонлар эътиборини қозонди. Унинг талабалик йиллари ёзилган "Ҳикмат афандининг ўлими”
асари ўзбек адабиётининг фантастика йўналишида яратилган биринчи қисса
ҳисобланади. Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга
таржима қилинди. "Сўнгги ўқ” асари асосида етти қисмли, "Шайтанат” асари асосида йигирма қисмли бадиий фильмлар суратга олиниб, намойиш этилди.
Тоҳир Малик ўнга яқин радиопьесалар, ҳужжатли фильм сценарийлари,
бадиалар муаллифи. Бадиий таржима соҳасида ҳам хизмат қилган.
Тоҳир Малик 1966 йилдан эътиборан матбуот соҳасида ишлайди. "Ленин
учқуни” (Ҳозир "Тонг юлдузи” деб номланади), Ўзбекистон радиосида,
Ғафур Ғулом номидаги ва "Чўлпон” нашриётларида, "Шарқ юлдузи”, "Ёшлик”
журналларида ишлади. У ижодиий фаолияти давомида ҳаётни, инсонлар
табиатини атрофлича ўрганди. Ёзувчи асарларини ўқир экансиз, уларда
тасвирланган энг ёмон одамлардан ҳам баъзан нафратланмайсиз, аксинча
уларнинг қисматига ачинасиз. Нега шундай? Чунки ёзувчи инсонларни,
уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчилаб ўрганади ва
китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган
сабабларни таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради.
"Алвидо, болалик”
асари Тоҳир Малик ижодида алоҳида ўрин тутади. Асардаги асосий мавзу –
ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, болани атроф-муҳит, жамиятдаги турли
иллатлар жиноятчига айлантиради. Бу ҳақда адибнинг ўзи шундай дейди: "Мен
ўсмирлар ва ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолаётганига бефарқ қараб
туролмайман. Болалар аҳлоқ тузатиш колонияларига ҳар борганимда юрагим
эзилади. Озод, эркин яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганадиган ёшдаги болалар бу
ерга қандай тушиб қолдилар?! Наҳот жиноят олами уларга жозибали
кўринса?! Мен жиноят оламини "Шайтанат”, яъни шайтонлар етовидаги
зумлкорлар мамлакати деб атаб, "Эҳтиёт бўлинг, жигарларим, бу кўчага
яқин йўламанг. Боши берк бу кўчанинг адоғида фақатгина азобли, хорли
ўлим топасиз.”, демоқ ниятида ёздим. Ёзганларимни огоҳлантириш
деб қабул қилишларини истардим.” Мазкур асар саҳналаштириб Тошкентда ва
Андижонда ёшлар театрларида намойиш этилди. Ёзувчининг ижодий
фаолияти ҳукумат мукофотлари ва турли адабий мукофотлар билан
тақдирланган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига
кўра "Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилган.